Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 23 декабрь куни мамлакатга ишчи ташриф билан келган Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисовни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон раҳбари ва халқини мазкур мамлакат мустақиллигининг 25 йиллиги билан табриклади. У Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасидаги ишончли ва мазмундор алоқалар ҳар икки мамлакат ва қардош халқларнинг узоқ муддатли манфаатларига мувофиқ келишини таъкидлаб ўтди.

Учрашувда икки мамлакат яқин қўшни ва вақт синовидан ўтган ҳамкорлар сифатида бир-бири ва бутун Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорлик, барқарор иқтисодий ва ижтимоий тараққиётни таъминлашдан бирдек манфаатдор экани қайд этиб ўтилди.

Қозоғистоннинг 2017−2018 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашининг нодоимий аъзолигига сайлангани Марказий Осиё давлатлари манфаатларининг глобал миқёсда қўллаб-қувватланиши учун янги имкониятлар эшигини очади.

Шавкат Мирзиёев ва Ерлан Идрисов Ўзбекистон-Қозоғистон кун тартибидаги барча йўналишлар, энг аввало савдо-иқтисодий, инвестицион ва транспорт-коммуникация соҳалари бўйича ўзаро фикр алмашди. Минтақадаги энг йирик савдо ҳамкорлари ҳисобланган Ўзбекистон ва Қозоғистон мазкур соҳада муносабатларни чуқурлаштириш ва кенгайтириш, мавжуд барча имкониятларни ишга солишга тайёр экани айтиб ўтилди.