Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) «Қалмақир» конидаги асосий хом ашё базасини кенгайтиради.

Корхона маълумотларига кўра, лойиҳа мис карьерасида рудаларни қайта ишлаш ҳажмини кенгайтиришни кўзда тутади. Шу орқали 2017 йилда қўшимча равишда 4 млн тонна кўпроқ хом ашё қайта ишланади. Россиянинг «Тяжмаш» АЖ (Сизрань) технологик қурилмаларни етказиб беради.

Умумий қиймати 75,2 млн доллар бўлган лойиҳа Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 28 млн долларлик кредити, Ўзбекистон банклари кредитлари ҳамда ОТКМК хусусий маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Йил бошида ОКМК 118 млн долларлик тўйинтирувчи мажмуа модернизациясини якунлади. Бунда ҳам қурилмалар 2012 йил охирида имзоланган 73,9 млн долларлик шартнома доирасида «Тяжмаш» томонидан етказиб берилган эди.

ОКМК — Ўзбекистондаги ягона мис ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. «Қалмақир» конида эса 1954 йилдан буён мис рудалари қазиб олинмоқда. Унинг лойиҳавий қуввати йилига 31,5 млн тонна рудани ташкил этади. Корхона тозаланган мис, металл рух, қўрғошин концентрати ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқаради. Республикада ишлаб чиқарилаётган кумушнинг 90 фоизи, олтиннинг эса 20 фоизи ОКМК ҳиссасига тўғри келади.