15−19 декабрь кунлари Тошкентда юнон-рум, эркин ва аёллар кураши бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 400 нафарга яқин спортчи иштирок этди, деб хабар қилди Спорт курашлари ассоциацияси матбуот хизмати.

Мусобақалар янги спорт мажмуаси — Универсал спорт мажмуасида бўлиб ўтди. Ислом Баҳромов (59 кг, Олимпия захиралари спорт мактаби — ОЗСМ), Мирзобек Раҳматов (66 кг, Бухоро), Фазлиддин Номозов (71 кг, ОЗСМ), Дилшод Турдиев (80 кг, ОЗСМ), Жалгас Бердимуратов (74 кг, Қорақалпоғистон), Муҳаммадали Шамсиддинов (85 кг, Бухоро), Жаҳонгир Турдиев (98 кг, ОЗСП) ва Мўминжон Абдуллаев (130 кг, Самарқанд) юнон-рум кураши бўйича чемпионлик номига созовор бўлди.

Аёллар курашида Асалхон Собирова (48 кг, Хоразм), Нодира Собирова (53 кг, Хоразм), Шаҳодат Жуллибаева (55 кг, Қорақалпоғистон), Севара Ешмуратова (58 кг, Қорақалпоғистон), Асем Сейдаметова (60 кг, Қорақалпоғистон), Набира Есенбаева (63 кг, Қорақалпоғистон), Нилуфар Гадоева (69 кг, Қорақалпоғистон) ва Лалахан Оринбаева (75 кг, Қорақалпоғистон) шоҳсупанинг энг юқори поғонасини забт этди.

Эркин кураш бўйича мусобақаларда Аббос Раҳмонов (61 кг, Олимпия захиралар республика коллежи — ОЗРК), Муҳаммадкарим Усмонов (65 кг, Сирдарё), Мирзо Хайитов (70 кг, Бухоро), Даеибек Отарбаев (74 кг, Қорақалпоғистон), Илфат Ражапов (86 кг, Тошкент вилояти), Боҳодир Арслонов (97 кг, Навоий) ва Ҳасанбой Раҳимов (125 кг, Навоий) олтин медални қўлга киритди.

Чемпионат Ўзбекистон Спорт курашлари ассоциацияси тақвимидаги якунловчи мусобақа бўлди. Ўтаётган мавсумда Ўзбекистон Спорт курашлари ассоциацияси Рио-де-Жанейродаги Олимпия ўйинларида учта бронза медалини қўлга киритди. Юнон-рум курашчиси Елмурат Тасмурадов, эркин курашчи Ихтиёр Наврўзов ва Магомед Ибрагимов Олимпия совриндорлари қаторидан ўрин олди. Бундан ташқари, ўтган дам олиш кунлари ноолимпия вазн тоифалари бўйича жаҳон чемпионатида Жонибек Отабеков «бронза» соҳиби бўлди.