XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг олтин медаль соҳиби Ҳасанбой Дўсматов Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси (AIBA) томонидан «Йилнинг энг яхши боксчиси» соврини билан тақдирланди, деб хабар қилди ЎзА.

Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси Ижроия қўмитаси йиғилиши ва AIBAнинг 70 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимда Ҳасанбой Дўсматовга 2016 йил якунларига кўра, «Йилнинг энг яхши боксчиси» соврини топширилди.

Яқинда Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси томонидан йилнинг энг яхши боксчисини аниқлаш мақсадида ўтказилган сўровномада Ҳасанбой Дўсматов энг кўп овоз тўплаб, кубалик Робейси Рамирес ва қозоғистонлик Дониёр Елеусиновни катта фарқ билан ортда қолдирган эди.

Эслатиб ўтамиз, Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида вазни 49 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги беллашувларда Ҳасанбой Дўсматов Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига дастлабки Олимпиада олтин медалини келтирган эди. У ўзбек боксчилари орасида биринчи бўлиб, Олимпиаданинг энг яхши боксчиси сифатида Вэл Баркер кубоги билан тақдирланди.