Жорий қиш фаслида Ўзбекистонга чумчуқсимонлар туркумидан бўлган свиристель ўрмон қушлари учиб келди. Декабрь ойи аввалида «Жайрон» экомаркази ходимлари ушбу қушлар галасини қайд этган бўлса, бир неча кунлар муқаддам Самарқанд ботаника боғида ҳам худди шундай гала кузатилган, деб хабар берди Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Свиристеллар — кўчманчи қушлар бўлиб, улар бошқа мамлакатларга узоқ масофали парвозларни амалга оширади. Янги жойларни қидириб йўлга отланганида улар ноқулай об-ҳаво шароити туфайли озуқа топиш қийинчилигига дуч келиши мумкин.

Свиристеллар ҳашоратлар, қурт-қумурсқалар, дарахт куртаклари билан озиқланади, бироқ резавор ва майда меваларни хуш кўриб ейди. Орнитологлар уларга хос яна бир жиҳатни аниқлаган: свиристеллар баднафс қушлардан бўлиб, улар еган ҳамма озуқаларнинг ҳаммаси ҳам организмда ўзлаштирилмайди. Ютилган бир қисм уруғлар ерга тушиб, ўсиб чиқади.