Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 13 декабрдаги қарори билан 2017−2019 йилларда Наманганнинг йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланди.

Мазкур давр мобайнида шаҳарнинг бешта кўчасининг умумий узунлиги 18 километр бўлган участкалари капитал таъмирланади. Лойиҳа қиймати 35,2 млрд сўмни ташкил этиб, Республика йўл жамғармаси томонидан молиялаштирилади.

Наманган магистрал сув қувурининг 19,7 км қисми 16,2 млрд сўм ҳисобидан реконструкция қилинади. Шаҳарда 10 км дан зиёд канализацион тизим қурилади — лойиҳа 7,9 млрд сўмга баҳоланган. Мазкур ишлар шаҳар давлат бюджети томонидан амалга оширилади.

Наманган вилояти маъмурий марказидаги қатор ним станциялар трансформаторлари ва электр узатиш тармоқларини «Ўзбекэнерго"нинг 3,9 млрд сўмлик маблағи ҳисобидан, «Ўзтрансгаз» ажратадиган 5,6 млрд сўм эвазига эса 20,5 км лик газ қувурлари реконструкция қилинади.

«Ўзбектелеком» томонидан ажратилувчи 729 млн сўм эвазига мавжуд кабель тармоқлари реконструкция қилиниб, қўшимча равишда 18 км оптик ва мис кабеллари ётқизилади.