20 декабрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Россия Федерациясининг Тошкент шаҳридаги элчихонасига ташриф буюрди, деб хабар қилди Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси матбуот хизмати.

ТИВ раҳбари суиқасд натижасида Россиянинг Туркиядаги элчиси Андрей Карловнинг фожиавий ҳалок бўлганлиги муносабати билан элчи Владимир Тюрденевга таъзия изҳор этди ва марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик ва далда сўзларини етказиб қўйишни сўради ҳамда Ҳамдардлик китобига қайд киритди.

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам россиялик ҳамкасбларига ҳамдардлик билдирди.

Унинг сўзларига кўра, мазкур суиқасд замонавий терроризмнинг барча моҳияти — разиллик, ўзининг сиёсий позициясини ифода этиш учун ҳимоясиз, қуролсиз кишининг ортидан отувчи қўрқоқлик яққол кўриниб турибди.