Хитойнинг Zhuhai Singyes Green Building Technology компанияси Самарқанд вилоятида Марказий Осиёдаги биринчи фотоэлектр станция қурилиши бўйича тендерда ғолиб бўлди.

«Zhuhai Singyes Green Building Technology компанияси Самарқанд вилоятида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланишга топшириш бўйича бош пудратчини танлаш юзасидан тендер савдоларида ғолиб деб топилди», — хабар қилди «Ўзбекэнерго» компанияси.

Кристалл фотоэлектр элементлар базасида гелиостанция қуриш бўйича тендер савдолари бошлангани тўғрисида 2014 йил октябрида эълон қилинган эди. Станция қурилиши икки йилни ташкил этиши мумкин. Лойиҳани амалга ошириш бўйича консалтинг хизматларини Германиянинг GOPA International Energy Consultant, Suntrace ва Renewables Academy консорциуми кўрсатади.

«Ўзбекэнерго» режасига кўра, Марказий Осиёдаги биринчи гелиостанция йилига 200 миллион кВт.с электр энергияси ишлаб чиқаради. Умумий қиймати 275 млн доллар бўлган лойиҳа Осиё тараққиёт банки кредити ҳамда Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 110 млн долларлик маблағлари, шунингдек, «Ўзбекэнерго"нинг 55,8 млн долларлик хусусий маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

2020 йилга бориб Ўзбекистонда умумий қуввати 300 МВт бўлган яна учта гелиостанция қурилиши режалаштирилмоқда. Самарқанд вилоятидан ташқари, шунча қувватга эга гелиостанциялар Наманган ва Сурхондарё вилоятларида ҳам барпо этилади. Станцияларнинг жами қиймати 450 миллион долларга баҳоланмоқда.