15 декабрь куни Куала-Лумпурда (Малайзия) Осиё футбол конфедерацияси тартиб-интизом қўмитасининг 32-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш доирасида Ўзбекистоннинг икки вакилига санкция қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди, деб хабар қилди ОФК матбуот хизмати.

Футбол бўйича Ўзбекистон U-16 терма жамоаси ва «Бунёдкор» ҳужумчиси Абдулхай Исмоилов допинг истеъмол қилгани учун бир йилга футболдан четлатилди. Исмоиловдан Ҳиндистонда бўлиб ўтган Осиё чемпионати вақтида олинган қон намунаси ижобий натижа кўрсатди.

ОФК қарорига биноан, спортчининг 2016 йил 3 ноябрдан 2017 йил 2 ноябргача футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолият билан шуғулланиши тақиқланди. Намунада тақиқланган модда, унинг метоболитлари ва маркерлари мавжудлиги қайтадан аниқланган тақдирда, футболчига янада оғир жазо қўлланилади.

Футзал бўйича Ўзбекистон термаси ва Тошкентнинг «Ардус» жамоаси ўйинчиси Даврон Чориев эса 1500 доллар миқдорида жаримага тортилди. Футзалчи ОФК тартиб-интизом қоидаларининг 66.1- «Қарорга риоя қилмаслик» пунктини бузган.

Чориевга 30 кун давомида жаримани тўлаш юклатилди. Қоидабузарлик такрорланган тақдирда, 3000 доллар миқдоридаги янада йирикроқ жарима қўлланилади. Ўйинчи футзалдан четлатилиши ва дисквалификация қилиниши мумкин.