17 декабрь куни Абу-Дабида (БАА) Осиё бокс конфедерацияси (ОБК) Ижроия қўмитасининг ҳар йиллик йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш доирасида кадрлар масаласи ҳам кўриб чиқилди, деб хабар қилди Ўзбекистон Бокс федерацияси «Газета.uz"га.

Фото: fb.com/ASBC.Boxing.

Қўмита аъзолари кадрларни тайинлаш, йил якунлари, 2017 йилда минтақавий спорт тадбирларини ташкил этиш ҳамда молиявий масалаларни муҳокама этди.

Ўзбекистон Бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шерзод Тошматов ОБК вице-президенти этиб тайинланди. Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинлари-2020 да Осиё конфедерацияси тиббий комиссияси билан ҳамкорлик олиб бориш ва фаолиятини мувофиқлаштириш унинг асосий вазифалари қаторидан ўрин олган.

19−20 декабрь кунлари Лозаннада (Швейцария) Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси (AIBA) Ижроия қўмитасининг навбатдан ташқари қурултойи бўлиб ўтади. Унда ОБК Ижроия қўмитаси аъзолари ҳам иштирок этади.