15 декабрь куни Тошкентдаги Next оилавий савдо-кўнгилочар мажмуасида жойлашган Ice Rink муз яхмалагида болалар ўртасида шайбали хоккей бўйича мусобақа бўлиб ўтади. Унда 60 нафарга яқин спортчи — хоккей тўгараклари аъзолари ва «Бинокор» хоккей жамоаси ўйинчилари иштирок этади, дея хабар қилинди ташкилотчилар матбуот хабарномасида.

Мусобақа тўртта ёш гуруҳи: кичик (4 дан 6 ёшгача), ўрта (7 дан 9 гача ва 10−12 ёш) ўртасида ташкиллаштирилади. Ҳар бир ўйин 5 дақиқалик танаффус билан 15 дақиқалик уч қисмдан иборат бўлади.

«Мусобақани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда томошабинбоп ва фойдали спорт тури ҳисобланган хоккейни оммавийлаштиришдан иборат, — деди „Бинокор“ бош мураббийи Алишер Азимов. — Бундан ташқари, бу жамоаларимизнинг ҳам республика, ҳам ундан ташқаридаги бўлғуси мусобақаларда иштирок этиши учун ўзига хос тайёргарлик босқичи бўлади».

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик хоккейчилар шу йилнинг баҳорида халқаро аренадаги дебютини ўтказган эди. Март ойида «Бинокор» Чимкентда (Қозоғистон) бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги халқаро мусобақада иштирок этди. Унда кичик ёш гуруҳи спортчилари кумуш медалларни қўлга киритган бўлса, катта ёш гуруҳлари ўртасида бронза медалига созовор бўлди. 6−8 ёш гуруҳида Максим Эм мусобақа якунларига кўра «Энг яхш ҳимоячи» мақомини қўлга киритди.

Болалар ижодий жамоаларининг чиқишлари, ёш томошабинлар учун хилма-хил танловлар мусобақани очиб беради. беллашувлар якуни бўйича ғолибларни тантанали тақдирлаш маросими ўтказилиб, унда ғолибларга ташкилотчилар ва мусобақа хомийларининг совғалари тақдим этилади.

Мусобақалар 10:00 да бошланиб, 13:00 га қадар давом этади. Кириш бепул.