Тошкент тиббиёт академияси ректори ўзгарди. ОТМга 46 ёшли тиббиёт фанлари доктори ва профессор Лазиз Тўйчиев раҳбар бўлди.

Лазиз Тўйчиев ректор этиб тайинлангунга қадар 2014 йил январидан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Янги ректор — Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирги — Тошкент тиббиёт академияси) даволаш факультети битирувчиси. Шу ерда 1993 йилдан 2010 йилга қадар фаолият кўрсатган.

2010 йилда Лазиз Тўйчиев Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитар-эпидемиологик назорат бош бошқармаси бошлиғи бўлди, 2012 йилдан эса Эпидемиология, микробиология ва инфекцион касалликлар ИТИга раҳбарлик қилди.

Бунга қадар Тошкент тиббиёт академиясини 71 ёшли Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, «Дўстлик» ордени соҳиби, Фанлар академияси академиги, тиббиёт фанлари доктори, профессор, 1991−1998 йилларда соғлиқни сақлаш вазири лавозимида ишлаган Шавкат Каримов ўн йилдан зиёдроқ вақт мобайнида бошқарган.

Вазир ўринбосари лавозимидан озод қилинган Лазиз Тўйчиев ўрнига13 декабрга қадар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ва бош вазир ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиб келган Элмира Баситхонова тайинланди.