Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 13 декабрда бўлиб ўтган саккизинчи ялпи йиғилишида 2017 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тасдиқланди.

Парламент юқори палатаси ахборот хизматининг «Газета.uz"га хабар қилишича, келгуси йилда ЯИМнинг 7,8 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,2 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажми 9,6 фоизга ўсиши тахмин қилинмоқда.

Асосий эътибор чуқур таркибий ислоҳотларга ва муҳандислик, йўл-транспорт ҳамда ижтимоий инфраструктурани ривожлантиришга, шунингдек, минтақаларнинг даромад базасини ошириш орқали бюджетлараро муносабатларни такомиллаштиришга йўналтирилган фаол инвестициявий сиёсат олиб боришга қаратилган.

Солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари иқтисодиётга тушадиган солиқ юкини ялпи ички маҳсулотга нисбатан жорий йилдаги 20,2 фоиздан 18,9 фоизга камайтиришни, солиқ маъмурчилигининг шаффофлигини таъминлаш орқали уни яхшилашни, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни назарда тутади.

Солиқ тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида асосий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг (фойда солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона солиқ тўлови, қўшимча қиймат солиғи ва жисмоний шахсларнинг даромад солиғи, ягона ижтимоий тўловнинг) ставкаларини сақлаб қолиш таклиф этилмоқда.

бюджет ташкилотлари ходимлари ойлик иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар миқдорларини инфляция даражасидан ортиқ даражада ошириш назарда тутилади.

2017 йилги ижтимоий харажатлар давлат бюджети барча харажатларининг 59,7 фоизини ташкил этади.

Иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган харажатлар ЯИМга нисбатан 2,2 фоиз миқдорида бўлиши тахмин қилинмоқда. Шу тариқа у жорий йилга нисбатан 19,5 фоизга ошади, бу эса кейинчалик бюджетнинг даромад базаси ошишини таъминлайди.