Бош вазир ўринбосари Адҳам Икромов Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди. Бу ҳақда 13 декабрь куни маълум бўлди. «Газета.uz» маълумотига кўра, Икромов бош вазир ўринбосари лавозимини ҳам сақлаб қолади.

Адҳам Икромов 2012 йилдан буён бош вазир ўринбосари лавозимида фаолият юритиб, Вазирлар Маҳкамасининг Соғлиқни сақлаш, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт комплексини бошқаради. 2009−2012 йилларда эса Икромов соғлиқни сақлаш вазири сифатида фаолият кўрсатган.

2012 йилдан буён Соғлиқни сақлаш вазирлигига Анвар Алимов раҳбарлик қилиб келаётган эди. У Республика ихтисослашган эндокринология илмий амалий тиббиёт маркази директори лавозимига тайинланди.