12 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиблигига тайинланган Португалия собиқ бош вазири Антониу Гутерриш қасамёд қабул қилиб, яқин беш йилдаги устувор вазифалар тўғрисида сўзлаб берди, дея хабар қилди БМТ Янгиликлар маркази. Бош Ассамблея раиси Гутерришга 2017 йил 1 январдан бошланиб, 2021 йил 31 декабрда якунига етадиган муддатда БМТнинг тўққизинчи бош котиби эканини расман маълум қилди.

«Биз тўқнаш келаётган муаммолар миқёси БМТни чуқур ислоҳ қилиш кераклиги тўғрисида сўзламоқда. Мен ўзгариши лозим бўлган асосий учта стратегик муҳим йўналишни ажратиб олишни истар эдим: тинчликни таъминлаш, барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш ва ички ишларимизни бошқариш», — деди Антониу Гутерриш.

У замонавий можаролар янада мураккаб бўлиб, халқаро гуманитар ҳуқуқ ва нсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишларини келтириб чиқараётганини таъкидлаб ўтди. Буларнинг барчаси эса аҳолининг оммавий кўчишларини келтириб чиқармоқда. Вазият терроризмнинг ўсиши билан янада мураккаблашмоқда.

«Иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ортиши, урбанизациянинг жадаллашуви, озиқ-овқат ва ичимлик суви етишмовчилиги билан боғлиқ янги глобал муаммолар ресурслар учун курашни кучайтириб, кескинлик ва беқарорликни келтириб чиқармоқда», — деди БМТнинг бўлғуси раҳбари. У глобализация ва техник тараққиёт дунёда нотенглик, ёшлар ўртасида ишсизлик даражасининг ортиши, ташкилий жиноятлар ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний алмашинуви миқёсининг кенгайишига олиб келаётганини қўшимча қилди.

БМТ янги раҳбарининг фикрича, буларнинг барчаси оддий одамлар ва сиёсий элита ўртасидаги тафовутни ошириб, тартибсизликлар ва ҳаттоки зўравонликлар ва можароларни келтириб чиқармоқда.

Сайёранинг кўплаб аҳолиси нафақат ўз ҳукуматига, балки глобал институтлар ҳукуматларига ҳам ишончини йўқотгани ҳақида сўзлар экан, бўлғуси бош котиб БМТ ва унинг қадриятларига ишончни тиклаш учун барча ишларни амалга оширишга ваъда берди.

Унинг фикрича, БМТ ва барча халқаро ҳамжамиятнинг энг жиддий камчилиги — инқирозларнинг олдини олишга лаёқатсизлигидир. У бу соҳада барча уч йўналиш — тинчлик ва хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқулари бўйича ҳаракат қилиш лозим.

«Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, оператив, самарали ва натижавий ҳаракат қилиши зарур. У ижрога кўпроқ, расмиятчиликларга камроқ, одамларга кўпроқ, бюрократияга камроқ эътибор қаратиши зарур», — деди бўлғуси бош котиб.

Португалиялик Антониу Гутерришнинг БМТ бош котиблигига тайинланиши тўғрисидаги қарор 13 октярбрь куни Хавфсизлик Кенгаши тавсиясига биноан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган эди.