Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши 12 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисда Президентга Абдулла Нигматович Арипов номзодини мамлакат бош вазири лавозимига кўриб чиқиш учун тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар қилди.

Мажлисда Абдулла Ариповнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти учун масъулиятни тўла зиммасига олишга қодир, ташаббускор ва талабчан, янгиликка интилувчан, жонкуяр ва ватанпарвар, қуйидан юқоригача бўлган барча бўғинлардаги ижро органларини бошқаришда етарли тажриба ва салоҳиятга эга бўлган фидойи инсон экани таъкидланди.

Конституцияга мувофиқ, Ўзбекистон бош вазири номзоди Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия томонидан Ўзбекистон Президентига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, Абдулла Арипов (1961 йилда туғилган) Президент в. б. Шавкат Мирзиёевнинг сентябрдаги қарори билан Вазирлар Маҳкамасида Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялари масалалари комплекси раҳбари этиб тайинланган эди.

Унгача 10 йилдан зиёдроқ муддат давомида — 2002 йил майидан 2012 йил августига қадар бош вазир ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган. Бир вақтнинг ўзида 2005−2009 йилларда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигини бошқарган.

Душанбага ўтар кечаси Facebook ижтимоий тармоғида Абдулла Арипов саҳифаси ўз фаолиятини бошлади. Айни пайтда унда бош вазирнинг бир қатор фотосуратлари ва унинг таржимаи ҳоли эълон қилинган.