Ўзбекистоннинг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлисда доимий асосда фаолият кўрсатадиган вакили лавозимини таъсис этишни таклиф этди. 7 декабрь куни мамлакат Конституциясининг 24 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тантанали йиғилишда сўзда чиққан давлат раҳбари мазкур ўзгариш ҳукуматнинг парламент билан қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил соҳасидаги ҳамкорлигини янада самарали ташкил этилишига хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Конституциямизда белгиланган қонун устуворлиги принципи жамиятимда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, барча ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим кафолатидир. Ўтган даврда қабул қилинган 400 га яқин яхлит қонунлар ҳаётнинг барча соҳаларини ҳуқуқий тартибга солиш билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. «Айни вақтда қонунларнинг тўлиқлиги, ҳаётийлиги ва тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларига эга экани ҳақида сўз юритганда, бу борада ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини таъкидлаш зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Афсуски, ҳозирги кунда қонунларнинг ислоҳотлар самарасига таъсири етарлича сезилмаяпти. Уларнинг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги роли пастлигича қолмоқда», — қайд этди сайланган Президент.

Унинг таъкидлашича, бу ҳолат мамлакат қонунчилик тизимига фуқаролар, тадбиркорлар, қолаверса, чет эл инвесторларининг ишончсизлигини келтириб чиқариши мумкин.

«Бу борадаги ишларни ташкил этишда авваламбор қонун лойиҳаларини пухта ва ижтимоий муносабатларни тўғридан-тўғри тартибга соладиган даражада ишлаб чиқиш, айниқса, идоравий ҳужжатларни кескин қисқартириш зарур», — деди мамлакат раҳбари.

«Қонунларни қабул қилиш — бу ишнинг бир қисми, холос, — дея давом эттирди Шавкат Мирзиёев. — Асосий масала — қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда қонун талабларига қатъий амал қилишни таъминлашдан иборатдир».

Афсуски, мазкур йўналишдаги ишлар талаб даражасида эмас. Бунинг оқибатида охирги уч йилда давлат органларининг 157 та қарори ўз кучини йўқотган қонунлар асосида чиқарилган. «Энди ўйлаб кўрайлик, қонунчиликка киритилаётган янгиликлар ўз вақтида жойларга, айниқса, ижрочиларга етказилмайдиган бўлса, уларнинг бажарилиши ҳақида нима дейиш мумкин?» — дея саволни ўртага ташлаган давлат раҳбари қуйидаги таклифни билдирди: «Бу муаммони самарали ҳал қилишнинг бирдан-бир йўли — қонунлар ижросини ташкил этиш бўйича соатдек аниқ ишлайдиган механизм яратишдир. Янги қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорларнинг асосий маъносини аҳолига етказиш бўйича самарали механизм яратиш керак».

У ҳозирги кунда Адлия вазирлигининг бу борадаги фаолиятини талаб даражасида деб бўлмаслигини таъкидлади. «Шу муносабат билан ушбу вазирлик ва унинг жойлардаги бўлинмалари фаолиятини танқидий кўриб чиқиш зарур», — деди Шавкат Мирзиёев. Адлия вазирлигига мутасадди идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунларнинг маъно-мазмунини жойларга етказиш, уларни кенг тарғиб қилишга қаратилган аниқ таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Мамлакат раҳбарининг сўзларига кўра, қонун устуворлигини таъминлашда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади. Айнан шу нуқтаи назардан қараганда, 20 йил аввал бу борада қабул қилинган Миллий дастурни янгидан ишлаб чиқишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.