Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 9 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисда Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Президенти лавозимига сайланган деб ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Округ сайлов комиссияларидан келган баённомаларга асосан 4 декабрь куни бўлиб ўтган овоз бериш жараёнида сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 461 минг 805 нафар сайловчидан 17 миллион 951 минг 667 нафари иштирок этганини аниқлади. Бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 87,73 фоизини ташкил қилади.

Сайлов натижаларига кўра, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёевни ёқлаб 15 миллион 906 минг 724 нафар сайловчи ёки овоз беришда иштирок этган сайловчилар умумий сонининг 88,61 фоизи овоз берди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Хатамжон Абдурахмонович Кетмоновни ёқлаб 669 минг 187 нафар сайловчи ёки 3,73 фоизи, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан номзод Наримон Мажитович Умаровни ёқлаб 619 минг 972 нафар сайловчи ёки 3,46 фоиз сайловчилар овоз берган бўлса, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» Демократик партиясидан номзод Сарвар Садуллаевич Отамуратовни ёқлаб 421 минг 55 нафар сайловчи ёки овоз беришда иштирок этган сайловчилар умумий сонининг 2,35 фоизи овоз берди.

МСК раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломовнинг таъкидлашича, сайловда фуқаролар ўзининг юксак сиёсий савияси ва фуқаролик поцизиясини ҳамда Ватанимиз тақдирига дахлдорлик туйғусини намойиш этиб, овоз беришда фаол иштирок этди. Фуқаролар овоз беришда иштирок этиши орқали мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини яна бир карра ифода этдилар, таъкидлади у.