7 декабрь куни Гамбургда (Германия) Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон делегациясига ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилик қилди, дея хабар берди ТИВ матбуот хизмати. Учрашувда Туркманистон ТИВ раҳбари иштирок этмади.

Аввал Самарқанд ва Вашингтон шаҳарларида бўлиб ўтган «С5+1» вазирликлараро учрашувларининг давоми сифатида сиёсий, иқтисодий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Марказий Осиё Ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ Давлат котиби Джон Керри мазкур шаклдаги ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканликларини қайд этишди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати маълумотларига кўра, Жон Керри ўз мамлакатининг Марказий Осиё давлатлари билан минтақавий ва глобал таҳдидлар бўйича ҳамкорлик қилиш механизми сифатида «С5+1» дипломатик платформасидан фойдаланишдан манфаатдор эканини тасдиқлаган.

Учрашув иштирокчилари август ойида Вашингтонда имзоланган келишувга биноан ҳамкорликда олиб борилаётган беш лойиҳанинг кетишини муҳокама қилди. Аввалроқ хабар берилганидек, АҚШ мазкур лойиҳаларга 15 млн доллар ажратган.