Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш — юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови (2-қисм)

Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маслакат Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси.

Азиз дўстлар!
Барчамизга яхши аёнки, инсон манфаатларини юрт тинчлиги, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитидан ажратган ҳолда тасаввур этолмаймиз. Буларнинг барчаси бизнинг бебаҳо бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек сақлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Бу борада маҳалла идоралари, хотин-қизлар, нуронийлар, ёшлар ташкилотларининг ўрни ва ролини янада кучайтириш эътиборимиз марказида бўлади.

Айни вақтда ҳозирги мураккаб замон тинч-осойишта ҳаётимизни асраш ва мустаҳкамлаш, халқимизнинг кафолатланган хавфсизлигини таъминлаш масаласини янада долзарб қилиб қўймоқда. Шу мақсадда биз ҳозирги вақтда Ички ишлар вазирлиги тизимини тубдан ўзгартириш чора-тадбирларини кўряпмиз.

Ўз пайтида муҳтарам Юртбошимиз ички ишлар органларининг энг қуйи тизимида профилактика инспекторларини ташкил қилган эдилар. Аммо бугун бу инспекторлар профилактика, яъни жиноятларнинг олдини олиш билан шуғулланмаяпти, аксинча, содир бўлган жиноятларни рўйхатга олиш, юқори идораларга ҳисобот ёзиш билан банд.

Шу сабабли бу масалага қарашимизни тубдан ўзгартириб, маҳалладаги участка нозирларига самарали фаолият кўрсатиши учун барча зарур иш ва турмуш шароитларини яратиб берамиз.

Шунингдек, ҳар бир туман ҳокими ва туман ички ишлар бўлимлари раҳбарларининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозими жорий этилади. Бу раҳбарларнинг асосий вазифаси маҳаллада участка инспекторлари билан ишлашни ташкил этишдан иборатдир.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Мамлакатимизда инсон манфаатлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда бизнинг сайловолди дастуримиздан жой олган, ҳозирги кунда ишлаб чиқилаётган мақсадли дастурлар муҳим ўрин тутади. Бу дастурлар одамларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада оширишни таъминлашга қаратилган.

Шу мақсадда мамлакатимиз Ҳукумати Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати билан биргаликда ва жамоат ташкилотлари, нодавлат ташкилотлар иштирокида 2017−2021 йилларда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракат стратегиясини ишлаб чиқмоқдамиз.

Ушбу стратегияда давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича энг долзарб вазифалар аниқ белгилаб берилади.

Азиз дўстлар!

Биз ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятимизни аввало халқимиз, Ватанимиз манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олган ҳолда амалга оширамиз.

Бу сиёсатнинг асосини тинчликпарварлик, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, юзага келадиган зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат тинч, сиёсий йўл билан ҳал этиш ташкил этади.

Биз бундан буён ҳам узоқ-яқиндаги барча хорижий мамлакатлар, жаҳон ҳамжамияти билан самарали ҳамкорлигимизни давом эттирамиз. Бу борада очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб бориш тамойилига содиқ қоламиз.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар билан фаол муносабатлар ва ҳамкорлик олиб бориш Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига хизмат қилади.

Биз Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Халқаро валюта жамғармаси, бошқа халқаро молия ва иқтисодий ташкилотлар билан амалий ҳамкорликни янада ривожлантирамиз.

Азиз ва муҳтарам юртдошлар!

Биз янги — 2017 йилга эзгу ва олижаноб мақсадлар билан қадам қўймоқдамиз.

Буни ҳозиргина эълон қилинган «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» бўйича барчамиз, бутун халқимиз қалбидаги орзу-интилишлар ифодаси бўлган режа ва мақсадларимиз яққол тасдиқлаб турибди.

Ишончим комил, ана шу олижаноб вазифаларни ҳал этишда давлат ва нодавлат ташкилотлар, маҳалла, хотин-қизлар, ёшлар вакиллари, кенг жамоатчилик, бутун халқимиз фаол иштирок этади.

Кириб келаётган янги йил сиёсатимизнинг бош мақсадини, яъни, инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ, деган эзгу ғояни изчил давом эттириш, ҳаётимизни янада обод ва фаровон этиш йўлида яна бир улкан қадам бўлади.

Барчангизни Конституциямиз байрами билан самимий табриклаб, сизларга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.