29 ноябрдан 5 декабрга қадар Паттайада (Таиланд) бодибилдинг ва фитнес бўйича VIII жаҳон чемпионати (8th WBPF World Championships 2016) бўлиб ўтди. Ўзбекистон термаси мусобақада 12 нафар атлет билан иштирок этди, дея хабар қилди Бодибилдинг ва фитнес федерацияси.

Мусобақа якунларига кшра, миллий жамоа жаҳон биринчилигининг тўрт медалини қўлга киритди. Павел Умурзаков 40−49 ёшдагилар ўртасида «бодибилдинг устаси» йўналишида ғолиб бўлди. Бу бодибилдинг бўйича Ўзбекистон тарихидаги илк жаҳон чемпионати олтин медали ҳисобланади.

Елена Журавлёва «атлет-физик» йўналишида (170 см дан баланд) кумуш медалга сазовор бўлди. Елена Нураева эса «модель-физик» дастурида (165 см гача) иккинчи ўринни қўлга киритди. Шунингдек, Малика Вакасова «модель-физик» тоифасида (170 см гача) бронза медали соҳибасига айланди.

Фирдавс Узаков — 4-ўрин («атлет-физик» 180 см дан баланд), Павел Умурзаков — 4-ўрин («бодибилдинг-эркак» 100 кг гача), Даврон Туйғунов — 5-ўрин («менс-физик» 180 см дан юқори) ва Владимир Волинкин — 5-ўрин («бодибилдинг-ёшлар» 175 см дан юқори) ҳам яхши натижаларни қайд этди.