2017 йил 1 апрелдан Ўзбекистон мамлакатга 30 кундан зиёд бўлмаган муддатга сайёҳлик мақсадида келган Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Дания, Испания, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Корея Республикаси, Сингапур, Финляндия, Швейцария ва Япония фуқаролари учун виза тартибини бекор қилади. Бу Президентнинг 2 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси сайёҳлик соҳасини ривожлантиришни тезлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида ўз аксини топган.

Қўшимча равишда Бельгия Қироллиги, Франция, Индонезия, ХХР (сайёҳлик гуруҳлари таркибида), Малайзия, АҚШ, Вьетнам, Исроил, Польша, Венгрия, Португалия ва Чехиянинг 30 кундан зиёд бўлмаган муддатда сайёҳлик мақсадида Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчи 55 ёшдан ошган фуқаролари учун виза тартиби бекор қилинади.

Кўрсатиб ўтилган давлатлар фуқаролари Ўзбекистонга киришда 50 АҚШ доллари миқдоридаги кириш йиғимини тўлайди, мазкур маблағлар давлат бюджетига ўтказилади. Кириш йиғими тўланганини тасдиқловчи ҳужжат мамлакатга кириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Шу билан бир қаторда, 2017 йил 1 январдан бошлаб барча мамлакатлар учун 30 кун муддатга бериладиган ягона сайёҳлик визасини жорий этиш бўйича таклифлар тайёрланиши лозим. Бунда транзит, халқаро аэропортларда ва Ўзбекистон давлат чегаралари орқали ўтказиш пунктларида виза олиш тартиблари сезиларли соддалаштирилади. Шунингдек, Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасида фаолият олиб борувчи чет эллик мутахассисларга рухсатнома олишни уларга жисмоний шахслар даромад солиғини тўлашда имтиёзлар тақдим этган ҳолда соддалаштириш ҳам кўзда тутилган.

Бундан ташқари, визаларни расмийлаштириш ва тақдим этишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш, жумладан, виза олиш учун ҳужжатларни топшириш ва анкеталарни тўлдиришда Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналари ва Ташқи ишлар вазирлиги консуллик бошқармасига ташриф буюрмаган ҳолда онлайн тўлдириш тизимидан фойдаланиш, шунингдек, 2018 йилдан бошлаб электрон виза тизимини татбиқ этиш ҳам белгиланган.

Мутасадди давлат ташкилотларига келгуси йилнинг апрелигача бўлган муддатда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Урганчдаги халқаро аэропортларда республикага келаётган ва ундан кетаётган чет эллик сайёҳлар учун паспорт ва божхона назорати, юкларни олиш ва транспорт хизмати соддалаштирилган «яшил коридор» божхона назорати тизимини жорий этиш бўйича зарур чораларни амалга ошириш вазифаси топширилди.

Республиканинг аэропорт ва вокзалларида чет эл фуқароларига қўшимча қулайлик яратиш ҳамда жараёнларни тезлаштириш мақсадида резидент ва норезидентлар учун алоҳида паспорт назоратидан ўтиш ташкил этилади.

Тегишли тузилмаларга қўшимча равишда йўловчиларга бепул асосда кўрсатилаётган хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, аэропорт ва темир йўл вокзалларида қулай сайёҳлик информацион муҳити, жумладан, сайёҳлик-маълумот пунктлари, сайёҳлик навигация тизимлари, мўлжал олиш белгилари ва бошқаларни ташкил этиш топширилди.