Президентнинг 28 ноябрдаги фармони билан «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил» эсдалик нишони таъсис этилди.

ЎзА 6 декабрда эълон қилган фармонда келтирилишича, эсдалик нишони Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 25 йиллигини нишонлаш ҳамда давлатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни барпо этишга салмоқли ҳисса қўшган ҳарбий хизматчиларни, Қуролли Кучлар фахрийларини ва хизматчиларини қўллаб-кувватлаш мақсадида таъсис этилди.

Эсдалик нишони билан давлат мудофаа қудратини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни барпо этишга салмоқли ҳисса қўшган шахслар, юқори профессионал маҳорати, ҳарбий ва ватанпарварлик бурчига садоқатини намоён этган ҳарбий хизматчилар, жумладан, Ўзбекистон мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича жанговар ҳаракатларда иштирок этган, захирага бўшатилган ёки истеъфога чиқарилган ҳарбий хизматчилар, шунингдек, ҳарбий ҳамда хизмат бурчини бажаришда ҳалок бўлган ёхуд ярадор бўлган ва шикастланган Ўзбекистон Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари тақдирланадилар.

Эсдалик нишони 0,25 микрон қалинликдаги олтин билан қопланган мис қотишмасидан тайёрланади ва диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлади. Эсдалик нишонининг олд томони марказида таралаётган қуёш нурлари фонида Амир Темур ҳайкали тасвирланган. Унинг орқа томонида Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган қадимги Оқсарой мажмуаси пештоқи акс эттирилган. Эсдалик нишонининг юзасида тасвирланган ҳайкалнинг ўнг ва чап томонида Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилган йил ва юбилей йили 1992 — 2017 рақамлари акс эттирилган.

Эсдалик нишонининг айланаси бўйлаб «O‘ZBЕKISTON RESPUBLIKASI QUROLLI KUCHLARIGA» сўзлари, пастки қисми марказида эса иккита саккиз қиррали юлдуз оралиғида «25 YIL» ёзуви акс этган. Эсдалик нишонининг орқа томонида Ўзбекистоннинг Давлат герби, пастки қисмининг марказида «2017» ёзуви тасвирланган.

Эсдалик нишони Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангидаги йўллари бўлган 24 миллиметрли шойи лента билан сирилган беш қиррали қадағичга илмоқча ёрдамида уланади. Кўк, оқ ва яшил йўлларнинг эни 7 миллиметрдан, қизил йўлнинг эни эса 1,5 миллиметрдир. Қадағичнинг баландлиги 48, эни 45 миллиметр. Тўғнағичга мустаҳкамланган.