Жаҳон сайлов органлари ассоциацияси (ЖСОА) кузатувчилар миссияси Ўзбекистонда бўлиб ўтган Президент сайловида қонунбузарликлар қайд этилмагани ва миллий қонунчиликка мувофиқ тарзда ўтганини маълум қилди.

Душанба куни Тошкентда бўлиб ўтган брифингда сўзга чиққан ЖСОА бош котиби Ким Ён Хи Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси сайлов жараёнини самарали ташкил этганини таъкидлаб ўтди.

Тошкент ва Бухородаги сайлов участкаларига ташриф буюрган ЖСОА кузатувчилари «оилавий овоз бериш» ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича амалга оширилган чоралар, ташриф буюрган сайловчиларни рўйхатга олиш столларининг етарли миқдорда экани навбатлар ҳосил бўлишининг олдинини олгани ҳамда сайлов комиссияси аъзоларининг яхши тайёргарлик кўрганини қайд этишди.

Ўз сўзини якунлашда Ким Ён Хи ҳар бир мамлакатнинг сайлов тизими тарихий, сиёсий, иқтисодий ва маданий омиллар асосида шаклланиб, ўз йўлида ривожланишини таъкидлаб ўтди.

«Кузатувчиларда бошқа мамлакатдаги сайловларни мониторинг қилиш вақтида олдиндан шаклланган фикр ва стереотиплар бўлмаслиги лозим. Сайлов жараёни ёки амалиётини танқид қилишдан олдин кузатувчи қонуний чегаралар, сиёсий вазият, сайлов тизимининг ривожланиш босқичлари ҳамда сиёсат соҳасидаги ижтимоий афзалликларни аниқ тушуниб олиши зарур», — деди ЖСОА раҳбари.