Якшанба куни бўлиб ўтган Президент сайловида 3,46 фоиз ёки 619 минг 972 овоз тўплаган Ўзбекистон «Адолат» Социал-демократик партиясидан номзод Нариман Умаров партия сайлов якунларини тан олиши ва халқ танловини ҳурмат қилишини маълум қилди.

«Натижа биз кутганимиздек бўлмади, аммо биз хафа эмасмиз», — деди у журналистларга душанба куни Марказий сайлов комиссияси эълонидан сўнг бўлиб ўтган брифингда.

Нариман Умаров сайловнинг очиқлик ва шаффофлик тамойилларига тўлақонли мос тарзда ўтганини қайд этди.

Унинг таъкидлашича, сайлов «Адолат» партияси учун сайловчилар ўртасида ўз ўрнини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш имконини тақдим этди.

Нариман Умаров Шавкат Мирзиёевни партиянинг барча аъзолари номидан ғалаба билан табриклаб, унга улкан муваффақиятлар ва мустаҳкам соғлиқ тилади.

У янги сайланган Президент мамлакатнинг биринчи Президенти Ислом Каримов бошлаб берган ислоҳотларни амалга оширишда давом этишига ишонч билдирди.