Шанхай ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилар миссияси 4 декабрдаги Ўзбекистон Президенти сайлови очиқ, эркин ва демократик руҳда ўтганини тан олди.

«Туркистон-пресс» НАА хабарига кўра, бу ҳақда 5 декабрь куни Тошкентда ташкиллаштирилган брифингда ШҲТ бош котиби Рашид Алимов маълум қилган.

«Бизнинг миссия Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилиги талаблари ҳамда Ўзбекистон Республикаси томонидан қабул қилинган халқаро мажбуриятга мувофиқ келганини эълон қилади», — деди Рашид Алимов.

«Миллий қонунчилик меъёрларининг бузилиши, сайловнинг қонунийлигини шубҳа остида қолдирадиган ҳолатлар миссия томонидан қайд этилмади. Миссия сайловнинг очиқ, эркин ва демократик руҳда ўтганини тан олади», — дея таъкидлади у.

Миссия бўлиб ўтган президентлик сайлови Ўзбекистон Республикасида демократик жараёнларнинг келгусида тараққий этиши учун муҳим қадам бўлганини қайд этди.

Миссия раҳбари Ўзбекистон халқини бўлиб ўтган Президент сайлови билан қутлаб, сайловда ғолиб чиқувчи давлат раҳбарига мамлакат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлида муваффақиятлар, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида зафарлар ёр бўлишини тилади.

Рашид Алимов Марказий сайлов комиссияси, ТИВ ҳамда Ўзбекистоннинг бошқа ташкилот ва муассасаларига ШҲТ миссиясининг эркин ва очиқ фаолият олиб боришида яратиб берилган шароитлар учун чуқур миннатдорчилигини билдирди.