Соат 20:00 да Ўзбекистонда Президент сайлови бўйича овоз беришга якун ясалди. Ушбу жараён ҳозирча хориж мамлакатлардаги айрим сайлов участкаларида давом этмоқда.

Сайлов участкаларида сайлов комиссияси аъзолари ҳамда кузатувчилар иштирокида пломбалар очилиб, овозларни санаш бошланди.

19:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистон бўйлаб 17,7 миллионга яқин киши ёки жами сайловчиларнинг 86,62 фоизи овоз берган эди. Овоз берганларнинг сони бўйича дастлабки якуний натижалар 22:00 дан сўнг эълон қилинади.