Ўзбекистон Президенти сайловида Тошкент вақти билан 20:00 га қадар 17 миллион 941 минг 955 нафар фуқаро овоз беришдаиштирок этди. Бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 87,83 фоизини ташкил этади, дея хабар қилди Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов 4 декабрь куни бўлиб ўтган якуний брифингда.

«Фуқаролар сайловда юксак сиёсий ва фуқаролик фаоллигини намойиш этди», — деди Мирзо Улуғбек Абдусаломов. Унинг сўзларига кўра, овоз бериш жараёни қонунлар билан мустаҳкамлаб қўйилган халқаро демократик нормалар ва принципларга риоя қилинган ҳолда очиқ ва ошкора ўтказилди. Жойлардан сайлов мобайнида сайлов қонунчилиги бузилганлиги ҳақида ахборотлар келиб тушмади.

5 декабрь куннинг иккинчи ярмида сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинади. Президент сайлови тўғрисидаги қонунга мувофиқ, сайловнинг якуний натижалари Марказий сайлов комиссияси томонидан 10 кундан кечикмаган муддат ичида матбуотда эълон қилиниши лозим.

Марказий сайлов комиссиясининг чиқиши Ўзбекистон телевидениеси ва МСК сайтида тўғридан-тўғри эфирга узатилди.