Бокс бўйича 2016 йилги Олимпия ўйинлари кумуш медали соҳиби Муроджон Аҳмадалиев Чуст шаҳридаги (Наманган вилояти) 568-сайлов участкасида Президент сайловида овоз берди. Бокс бўйича Ўзбекистон термаси вакили ватандошларини сайловга бориш ва фаол фуқаролик позициясини намоён этишга чақирди.

Таэквандо (WTF) бўйича Ўзбекистон термаси етакчиси Дмитрий Шокин эса пойтахтнинг Олмазор туманидаги 246-сайлов участкасида сайловда иштирок этди.

«Келажагимиз ўз қўлимизда, шунинг учун Ўзбекистон тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро сайловда иштирок этиши лозим. Мамлакат ривожланмоқда, шунинг учун ҳар доим ўзгаришлар бўлаверади. Ўзбекистон келажаги янада кучли бўлади, аммо, энг муҳими, юртимизда бир нарса -тинчлик ва хотиржамлик ўзгаришсиз қолишини кутиб қоламан», — деди Шокин.

Самарқанддаги 76-сайлов участкасида «Лоҳутий» ва «Гулбаҳор» маҳаллаларида истиқомат қилувчи 2652 киши рўйхатга олинган. Улар орасида яқиндагина Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XV Паралимпия ўйинларида дзюдо бўйича олтин медални қўлга киритган Ўткиржон Неъматов ҳам бор.

«Жаҳон спортининг энг нуфузли мусобақасидаги муваффақиятим туфайли давлатимиз томонидан „Ўзбекистон ифтихори“ унвони, пул мукофоти ва замонавий автомобиль билан тақдирландим, — деди Паралимпия чемпиони ЎзА агентлигига берган интервьюсида. — Сайлов участкаси яқин бўлса-да, бугун бу ерга ана шу автомобилда келдим… Бу сайлов Ўзбекистонимизнинг буюк келажагини, юртимизнинг янада обод, ҳаётимизнинг фаровон бўлишида муҳим аҳамиятга эга».