30 ноябрь куни Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбари ўринбосари Олег Лим бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Душанбега ташриф буюрди. Делегация таркибидан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси вакиллари ҳам ўрин олди.

Тожикистон пойтахти аэропорти матбуот хизматининг хабар қилишича, Ўзбекистон авиацион ҳукумати вакиллари «Душанбе» халқаро аэропорти фаолияти билан танишди. Меҳмонлар учун перрон, янги халқаро йўловчи терминали, CIP-зал ва парвоз зали бўйлаб экскурсия ташкил этилди.

Фото: airport.tj.

Тожикистон Транспорт вазирлигида ҳамкорлик ҳамда Тошкент ва Душанбе ўртасида авиақатновларни қайта йўлга қўйиш тўғрисидаги Протокол имзоланган. Биринчи парвознинг 2017 йил январида амалга оширилиши режалаштирилган.

Имзоланган протоколга мувофиқ, Тожикистон томонидан «Сомон-Эйр», Ўзбекистон томонидан — «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ҳафтасига икки маротаба авиарейсларни амалга оширади.

Қайд этиб ўтамиз, икки мамлакат ўртасидаги авиация қатновлари 1992 йилда тўхтатилган эди.