Ўзбекистон Президенти сайловини ёритиш учун «Сайлов-2016» пресс-клуби чоршанба куни ўз фаолиятини бошлади. Мазкур медиа-майдонча миллий ва хорижий журналистларга 4 декабрда бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритишга ёрдамлашиш учун ташкил этилди.

Клуб очилишига бағишланган маросимда сўзга чиққан Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов сайловни ёритишда нодавлат, айниқса электрон ОАВ роли ошганини таъкидлаб ўтди.

«Пресс-клубнинг очилиши, бу — мамлакатимизнинг сиёсий такомиллашуви, Ўзбекистон журналистлари даражаси ҳамда сайловни ёритишнинг халқаро стандартларини ҳаётга татбиқ этишга тайёрлигимиз кўрсаткичидир», — дея таъкидлади Акмал Саидов.

Унинг сўзларига кўра, бу нодавлат ОАВнинг аъло даражада тайёргарлигини ва сайловни барча жиҳатларда ёритишга шай эканини кўрсатмоқда.

«Ўзбекистонда илк бор навбатдан ташқари сайлов ўтказилмоқда. Унда нодавлат ОАВ ҳам фаол иштирок этмоқда. Айни пайтда улар улуши рўйхатдан ўтган барча ОАВнинг 70 фоизини ташкил этиб, улар сони 1500 тадан иборат. Нодавлат ОАВнинг 99 фоизи интернет нашрларидир», — дея қайд этди Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори.

Пресс-клуб журналистлар, халқаро кузатувчилар, парламентарийлар, сиёсий партиялар, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларини бирлаштирган. Клубда Марказий сайлов комиссияси матбуот маркази билан онлайн-алоқа ўрнатилган. Журналистлар учун юқори тезликка уланган 80 дона компьютер тайёрланган.

Фото