Ўзбекистон Адлия вазирлиги Латвиянинг ҳукуматга қарашли бўлмаган Cleantech Latvia ташкилотини рўйхатдан ўтказди, дея хабар бермоқда маҳкама матбуот хизмати.

Илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг Ўзбекистондаги филиали табиатни муҳофаза қилиш соҳасида инфратузилма объектларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда кўмак кўрсатишни режалаштирмоқда.

Cleantech Latvia атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида Ўзбекистон ва Европа иттифоқи ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, халқ ва қишлоқ хўжалиги жабҳаларига «яшил» технологияларни жорий этишни ҳам режа қилган.

Яна бир фаолият йўналиши атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида академик ва профессионал алмашинув бўйича ҳамкорликдаги тадбирларни ўтказиш, экологик лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари экспертизаси ва тайёргарлигини олиб боришдан иборат.

Ҳозирда Cleantech Latvia Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда сув ресурсларини бошқариш, энергиядан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи ва муқобил энергияни кенг жорий этиш бўйича лойиҳаларда иш олиб бормоқда.

Ҳукуматга қарашли бўлмаган Cleantech Latvia ташкилотига 2006 йилда асос солинган бўлиб, экологик тоза технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида фаолият кўрсатади.