МДҲ миссияси Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича олиб борилган кузатувлар жараёни тўғрисида оралиқ ҳисоботни эълон қилди. Ушбу муддат миссия кузатувни бошлаган 17 ноябрдан 28 ноябргача оралиқни қамраб олди.

Миссия фикрича, «умуман, сайлов кампанияси сокин атмосферада, очиқ рақобат ва юқори ташкилий даражада ўтмоқда». Миссиянинг якуний хулосалари ва баҳоси сайловдан сўнг эълон қилинади.

28 ноябрь ҳолатига кўра, миссия таркибида Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва МДҲ Ижро қўмитаси вакилларидан иборат 70 нафардан зиёд кузатувчилар аккредитациядан ўтган.

Миссия аъзолари Марказий сайлов комиссияси, Олий Суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, шунингдек, ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси ҳамда президентликка номзодларини илгари сурган барча сиёсий партиялар сайловолди штаблари раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.

Ҳужжатда Президент сайловини ўтказиш учун қонунчилик базаси, сайлов комиссияларини шакллантириш, номзодларни илгари суриш ва рўйхатдан ўтказиш, сайловчилар рўйхатини шакллантириш тартиблари, сайловолди ташвиқоти ҳамда сайлов кампаниясининг ОАВда ёритилиши жараёнлари қайд этилган.

«Умуман, миссия фикрича, ташвиқот жараёни қонунчиликка риоя этилган ҳолда кечмоқда, президентликка номзодларга ўз сайлов дастурларини тақдим этиш ва сайловчилар билан учрашиш учун тенг шароитлар яратилган. МСК сайлов жараёнининг очиқлиги ва шоффофлигини таъминлаш учун ОАВ имкониятидан самарали фойдаланмоқда», — дейилади ҳисоботда.