24−26 ноябрь кунлари Бокуда (Озарбайжон) Олтин Гран-при — Озарбайжоннинг собиқ Президенти Ҳайдар Алиев хотирасига бағишланган эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича анъанавий халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz"га Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси хабар қилди.

Мусобақада дунёнинг 50 мамлакатидан 700 нафардан зиёд курашчилар, хусусан, Олимпиада совриндорлари, жаҳон ва қитъа чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари иштирок этди. Ўзбекистон номидан қатнашган 7 вакилдан фақатгина Фируз Тўхтаев 59 кг гача вазн тоифасида юнон-рум кураши бўйича мусобақанинг кумуш медалини қўлга кирита олди.

«Кумуш"гача йўлда Тўхтаев ҳиндистонлик Гаурав Шарма (8:0), озарбайжонлик Карим Жафаров (6:3), Россия вакили Мингиян Семёнов (10:8) қаршилигини енгди, бироқ финалда япониялик Кеничиро Фумитедан мағлубиятга учради (0:5).