Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳузурида Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактаби номи Гимнастика бўйича БЎИРОЗСМга ўзгартирилди. Мазкур ўзгариш Президент вазифасини бажарувчининг 7 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида спортнинг гимнастика турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ амалга оширилди.

Ҳужжатда Ўзбекистон гимнастика федерацияси ҳузуридаги Спортнинг гимнастика турлари бўйича республика тренерлар ва ҳакамлар мактаби устави ҳам тасдиқланди.

Қарорда қайд этилишича, ўзгаришлар гимнастикачи спортчилар, тренерлар ва ҳакамларнинг маҳорат даражаси ҳамда малакасини доимий равишда ошириб бориш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, республика аҳолиси кенг қатламлари, айниқса, ёшлар ва қизлар ўртасида спортнинг гимнастика турларини фаол тарғиб қилиш ва оммалаштириш мақсадларига йўналтирилган.

Ҳар йили 12 нафар иқтидорли болани қабул қиладиган БЎИРОЗСМда таҳсил олиш муддати беш йилни ташкил этади. Таҳсил олувчиларнинг умумий сони — 60 киши.

Республика мактабида тренерлар ва ҳакамларни тайёрлаш, қайта тайёрлар ва малакасини ошириш, шунингдек, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Гимнастика федерацияси, спорт мактаблари ва профессионал спорт клублари аризаларига биноан, мутахассисларни ўқитиш ишлари амалга оширилади.