Тошкент ҳайвонот боғи маъмурияти унинг ҳудудида полиэтилен қадоқ ва бир марталик полиэтилен идишдаги егуликлар ҳамда ўйинчоқлар сотишни тақиқлади, дея хабар қилинди ҳайвонот боғи сайтида.

Кўп сонли бахтсиз ҳодисалар, жумладан, ҳайвонот боғи жониворларининг ўлимидан кейин шундай қарор қабул қилинди. Сўнгги бор Нил тимсоҳи нобуд бўлди. Унинг ошқозонидан ўйинчоқлар топилди.

Ташриф буюрувчиларга мурожаат қилган ҳайвонот боғи маъмурияти улардан жониворларнинг озиқланиши борасида ташвишланмасликни сўраган: «Бизнинг жониворлар барча зарур миқдордаги емиш, озуқа, витамин ва минерал қўшимчалар билан таъминланган бўлиб, ҳар бир тур, айрим ҳолларда алоҳида ҳайвон учун халқаро рацион бўйича ишлаб чиқилган парҳез қўлланилади».

«Биз одамларнинг ғамхўрлик кўрсатаётганидан мамнунмиз. Лекин айрим озиқ-овқат маҳсулотлари, масалан, конфет, чипс, „кириешки“, попкорн, ширин кулчалар, янги нон ва бошқаларни жониворларга бериш мутлақо тақиқланади», — қайд этилади хабарда.

Ўтган йилнинг мартидан ҳайвонот боғига турли егуликларни олиб кириш тақиқланган эди.