Бош вазирнинг Виртуал қабулхонаси орқали фуқароларнинг кўп сонли илтимослари муносабати билан Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан (ЯИДХП) давлат ва хўжалик, маҳаллий давлат бошқаруви органларига мурожаат юборишда электрон рақамли имзонинг (ЭРИ) мавжуд бўлиши шартлигини бекор қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Эндиликда Ўзбекистон фуқаролари Ягона портал орқали исталган давлат идорасига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконига эга бўлдилар. Мазкур қулайлик мурожаатларни узатиш ва кўриб чиқиш тартибининг соддалашишига ҳам хизмат қилади.

Ягона портал воситасида фуқаролар электрон рақамли имзога эга бўлмасдан туриб ҳам давлат ташкилотлари раҳбарларининг қабулига онлайн ёзилишлари мумкин.

Вазирлик фуқаролар бош вазир виртуал қабулхонаси (pm.gov.uz) ва ЯИХДПдан ташқари, вазирлик ва идораларнинг расмий веб-сайтлари қошида фаолияти ташкил этилаётган давлат органлари раҳбарларининг шахсий виртуал қабулхоналаридан ҳам фойдаланишлари мумкинлигини эсга олди.

«Давлат раҳбарияти, вазирлик, идоралар раҳбарларига бевосита мурожаат қилишнинг воситаларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган мазкур тадбирлар Ўзбекистоннинг барча фуқаролари учун ҳукуматнинг янада очиқ ва қулай бўлишига замин яратади», — қайд этилади хабарда.