Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳукуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) 24 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик жараёнини кузатиш якунлари бўйича оралиқ ҳисоботини эълон қилди.

ДИИҲБ еттинчи бор Ўзбекистондаги сайловларни кузатишда иштирок этаётган бўлса, биринчи марта тўлақонли миссия билан қатнашмоқда. Сайлов бўлиб ўтадиган 4 декабрь куни кузатув миссиясига ЕХҲТга аъзо 21 давлатдан 250 нафар қисқа муддатли кузатувчи қўшилади.

2−20 ноябрь оралиғидаги муддатни қамраб қолган ҳисоботда Ўзбекистондаги сайлов кампанияси ва сайловолди вазият таҳлил қилинган. Бўлиб ўтажак сайлов республиканинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 25 йиллик раҳбарлигидан сўнг мамлакат тарихидаги бурилиш даври бўлиши айтилмоқда.

ЕХҲТ экспертлари 2015 йил мартдаги президент сайловидан сўнг Ўзбекистон сайлов қонунчилиги такомиллаштирилганини қайд этиб, ўзгартишларни киритишда ДИИҲБнинг аввалги тавсиялари инобатга олинганини таъкидлашди. Бу ерда гап президентликка номзодни илгари суришда талаб этиладиган имзолар миқдорини камайтириш (умумий сайловчиларнинг 5 фоизидан 1 фоизига қадар), Марказий сайлов комиссияси (МСК) қарорларини унинг расмий сайтида албатта эълон қилиниши, сайловолди ташвиқот тўғрисидаги меъёрларни белгилаш, муддатидан олдин овоз бериш жараёнини аниқлаш ва бошқалар ҳақида кетмоқда.

Ҳисоботда хабар қилинишича, сайлов куни эълон қилинганидан сўнг МСК ўз сайтида 55 қарор матнини эълон қилди. Жисмоний имконияти чекланган шахслар учун шароитлар яратилиши ва (илк бор) кўзи ожизлар учун сайлов бюллетенларининг тайёрланиши сайловда мустақил иштирок этиш ва сайловчи ҳуқуқларининг ҳимояланиши борасидаги муҳим янгиликлардан бири сифатида эътироф этилди.

ДИИҲБ миссияси МСК томонидан участка сайлов комиссиялари аъзолари учун тренинглар ташкил этилгани, сайловчиларни ахборот билан таъминлаш ва уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошираётганини қайд этди. «Ваколатли» ёки «оилавий» овоз беришга чек қўйиш бўйича кампания ҳамда ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида, сурдотаржимали теледастурларнинг тайёрланиши алоҳида эътироф этилди.

Сайлов кампанияси жараёнини таҳлил этар экан, экспертлар давлат раҳбарлигига номзодларнинг ҳудудлардаги сайловчилар билан учрашувларда янада кўпроқ қамровни таъминловчи видеоконференц алоқадан фойдаланаётганига эътибор қаратди. Қонунчиликка яқиндагина киритилган, бироқ ҳалигача амалга оширилмаган дебатларни ташкил этиш масаласи ҳам қайд этиб ўтилди.

Ҳисоботда сайлов жараёнидаги айрим камчиликлар ҳам кўрсатиб ўтилган. Жумладан, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати мавжуд эмас. МСК раҳбарияти томонидан муқаддам эълон қилинган маълумотларга кўра, уни ташкил этиш бўйича тайёргарлик ишлари бошланган бўлиб, келгуси сайловларда бундай рўйхат фаолият кўрсатади.