24 ноябрь куни Ўзбекистонда Президент сайлови бўйича муддатидан олдин овоз бериш бошланди. Ушбу жараён 2 декабрга қадар давом этади. Унда 4 декабрга белгиланган сайлов куни муайян сабаб билан ўз яшаш жойида бўла олмайдиган фуқаролар иштирок этади.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси аъзоси Олимжон Абдуназаровнинг «Народное слово"га маълум қилишича, фуқаролар муддатидан олдин овоз бериш бўйича сайлов участкаси комиссиясига соат 9 дан 18 га қадар ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.

Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслиги сабаблари (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида ўз яшаш жойидаги участка сайлов комиссиясидан сайлов варақасини олади. Сайловчи сайлов варақасини олганлиги ҳақида участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо чекади.

Сайлов варақаси махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади, сайловчи уни ёпиқ конвертда участка сайлов комиссиясида қолдиради. Сайлов варақаси солинган елимланган конверт сайлов қутисига ташланади. 4 декабрь куни овоз бериш якуни бўйича сайлов комиссиясининг барча аъзолари ҳузурида очилади.