Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши 23 ноябрь куни Ўзбекистон магистрал тармоқлари нимстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш лойиҳасини 150 млн АҚШ доллари миқдорида молиялаштиришни тасдиқлади, хабар қилди ЖБ матбуот хизмати.

Лойиҳа Тошкент ва Ўзбекистоннинг 10 вилоятидаги 22 та муҳим нимстанцияни реконструкция қилиш йўли билан энергетика сектори самарадорлигининг ошиши, шунингдек, фойдаланишга топшириш ва уларга техник хизмат кўрсатишдаги техник йўқотишлар ҳамда харажатларнинг камайишига хизмат қилади.

Лойиҳа доирасида 110 киловольт/ўртача кучланишдаги мобиль нимстанциялар ва электр узатиш магистраль тармоқларидаги узилишларни тезкор бартараф этиш учун зарур бўлган авариявий тиклаш тизимларини харид қилиш кўзда тутилмоқда. Янги технологиялар миллий энерлия тизими барқарорлигини оширишга имкон туғдиради.

Электр энергияси самарадорлигини ошириш ва йўқотишлар даражасини қисқартириш эвазига Ўзбекистондаги 6 миллиондан зиёд оиланинг йиллик энергия истеъмолига тенг ҳажмдаги иссиқхона газлари чиқарилишини камайтиришга замин яратилади.

«Ўзбекэнерго» компанияси томонидан амалга ошириладиган лойиҳа Халқаро реконструкция ва тараққиёт банкининг 92 млн доллар, Халқаро тараққиёт ассоциациясининг 58 млн доллар миқдоридаги маблағлари эвазига молиялаштирилади.

Ўзбекистон 1992 йилда Жаҳон банкига аъзо бўлган. ЖБнинг Ўзбекистондаги жорий мажбурияти 2 млрд доллардан кўпроқни ташкил этади.