21 ноябрь куни Тошкентда Ўзбек-япон маркази (UJC) ташаббуси билан бешинчи Очиқ бизнес-форум бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тадбиркорлик салоҳиятини ривожлантириш ҳамда ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш масалаларига асосий эътибор қаратилди.

Форумда Ўзбекистон ва Япония ҳукуматлари ўртасидаги келишувга мувофиқ ташкил этилиб, жорий йилда 15 йиллигини нишонлаётган UJC фаолиятининг асосий фаолият якунлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда бизнесни ривожлантириш учун кадрларни тайёрлаш, ўзаро ҳамжиҳатликни чуқурлаштириш ҳамда Япония, унинг маданияти ва тили ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон халқига етказиш йўли билан давлатлар ўртасида дўстона алоқаларни ривожлантириш мазкур жамоат ташкилотининг асосий мақсадларидан ҳисобланади.

Ўтган йиллар давомида UJC кўмагида ташкил этилган турли курсларда 8000 нафардан зиёд Ўзбекистон тадбиркорлари бизнесни юритишнинг замонавий усуллари, компьютер саводхонлиги, тил ва маданий дастурлар бўйича таҳсил олди. Хусусан, профессионал менежмент дастурида (PMP) 1400 нафардан зиёд тадбиркор иштирок этди.

Бизнес-форумда юз нафардан зиёд PMP битирувчилари иштирок этди. Уларнинг ўз билим ва тажрибиларини алмашишлари учун бир қатор ҳамжамиятлар, жумладан, aclub #newenergy битирувчилар клуби ташкил этилди.

Форумда ТИАИСВ, Савдо-саноат палатаси вакиллари, PMP битирувчилари, муваффақиятли бизнес юритувчилари маърузалар билан чиқиш қилди. «Ўзбекистон мода ва дизайн саноати» маърузаси жараёнида интернет орқали харид қилиш мумкин бўлган устки либослар шоу-намойиши ҳам бўлиб ўтди.

Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилотининг (JETRO) Ўзбекистондаги бош директори Манабу Шимояширо ўзбек тадбиркорлари япон ҳамкорлари билан муваффақятли иш юритишда эътибор қаратиши лозим бўлган асосий муаммолар тўғрисида тўхталиб ўтди.

Давлат институтлари ёрдами билан амалга оширилаётган лойиҳаларни инобатга олмаса, икки мамлакат тадбиркорлик субъектлари муносабатлари қониқарсиз даражада эканини таъкидлар экан, Шимояширо муваффақиятли ривожланишга тўсқинлик қилаётган бир қатор позицияларни санаб ўтди. Жумладан, япон тадбиркори томонидан Собиқ Иттифоқ мамлакатлари компанияларига ишончсизлик билан қаралиши, маҳаллик тадбиркорларда янги лойиҳалар тақдимотини ўтказиш тажрибасининг етишмаслиги кабиларни санаб ўтди.