Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашди, дея хабар қилди ЎзА.

Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди. Дастурнинг пировард мақсади — мамлакатда ривожланган ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, одамларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, ҳаёт сифатини янада юксалтиришдир.

Мазкур мақсадларни амалга ошириш учун давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобидан унинг самарадорлигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, маҳаллий бюджетларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигини таркибий ўзгартириш, илм-фанни ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, тиббий ва маиший хизматлар сифатини ошириш бўйича кўплаб чора-тадбирлар белгиланган.

Дастурда Ислом Каримов белгилаб берган принципларга амал қилган ҳолда тинчликпарвар сиёсат юритиш, ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш устувор йўналиш бўлиб қолиши қайд этилган.

Учрашувда Тошкент вилоятининг ушбу улкан салоҳиятидан тўла фойдаланиш, уни янада ривожлантириш ҳақида ҳам сўз юритилди.