Тошкент вилоятида фермерларга агротехник тадбирларни об-ҳаво шароитларига мослаштиришга ёрдам берадиган қуёш батареялари асосида ишловчи тўртта метеостанция ўрнатилади.

Мазкур ташаббус Савдо-саноат палатаси ва БМТТДнинг ҳамкорликдаги «Ўзбекстон бизнес-форуми (фаза III)» лойиҳаси доирасида Жанубий Африканинг Sasol компанияси молиявий кўмаги асосида амалга оширилмоқда.

600 га ёки 60 боғдорчилик ва уй хўжалиги ҳудудини қамраб олувчи метеостанциялар ахборот технологиялари, деҳқончилик жараёнини автоматлаштириш, хўжаликни бошқариш ва режалаштиришни оптималлаштириш орқали қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш мақсадида ўрнатилмоқда.

Метеостанциялар интернетдаги махсус сайт орқали мунтазам равишда маълумотларни жўнатиб туради. У ерда эса фермерлар ўз мобиль телефонларига метеоролик маълумотлар ҳамда олма, шафтоли, гилос ва узум каби мевалар учун қўлланилиши керак бўлган агротехник тадбирлар қайд этилган SMS хабарларни қабул қилиб олишлари мумкин.

Метеорологик маълумотларни йиғиш ва мониторинг қилиш ишлари муайян жой учун микроиқлим шароитларини аниқлаб олиш, натижада агротехнологияларни тўғри ва самарали танлаш имкониятини тақдим этади. Бу эса ўсимликларни ҳимоя қилиш ва меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ чиқимларни камайтиришга хизмат қилади.

«Ўзбекстон бизнес-форуми (фаза III)» лойиҳасидан хабар қилинишича, метеостанцияларнинг ўрнатилиши — «smart farm» («ақлли ферма») концепциясини жорий этиш йўлидаги биринчи қадам бўлиб, бунда хўжалик, жумладан, чорвачиликни автоматлаштирилган ҳолда олиб боришни кўзда тутади.

«Ақлли» деҳқончилик ахборот технологиялар ёрдамида об-ҳаво шароитларини моделлаштириш, хавфларни башоратлар асосида таҳлил қилиш ва бошқаришни ўз ичига олади. Об-ҳаво шароитлари мониторинги натижалари агротехник тадбирларни режалаштириш, жумладан, ноқулай об-ҳаво шароитида тезкор чораларни кўриш, имкон қадар барвақт уруғ қадар ва касалликлар профилактикасини олиб боришда ҳам қўл келади.