«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан Ўзбекистон Президенти сайлови тўғрисидаги ижтимоий сўровнинг иккинчи босқичи ўтказилди.

Тадқиқотнинг биринчи босқичида фуқароларнинг электорал кайфиятидаги ўзгаришлар, уларнинг сайлов кампаниясидан хабардорлиги ўрганилган эди. Сўровнинг иккинчи босқичи 2 — 10 ноябрь кунлари, яъни сайловолди тайёргарлик тадбирлари қизғин паллага кирган пайтда ўтказилди. Умуман, сўровда 2200 нафар киши қатнашди. Уларнинг 50,9 фоизи шаҳар, 49,1 фоизи қишлоқ аҳолисидир. Респондентларнинг 49,5 фоизи эркаклар, 50,5 фоизи аёллар.

Ижтимоий тадқиқот мамлакат барча ҳудудида тасодифий-эҳтимолий усулини қўллаган ҳолда ташкил этилди. Сўровда қатнашганларнинг мутлақ катта қисми — 97,5 фоизи 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда, албатта, иштирок этишини маълум қилган. Сўровнинг биринчи босқичида бу кўрсаткич 95 фоизни ташкил этган эди.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш мамлакат аҳолисининг бўлажак сайлов ҳақида хабардорлик даражаси жадал ошиб бораётганини кўрсатди. Масалан, респондентларнинг 87,3 фоизи давлат раҳбари Конституция ва Президент сайлови тўғрисидаги қонунга мувофиқ, умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали беш йил муддатга сайланишини билишади. Сўровнинг биринчи босқичида бу кўрсаткич 85,2 фоизни ташкил қилган эди.

Фуқароларнинг мутлақ катта қисми учун ОАВ ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги воқеалар ҳақидаги ахборотларнинг асосий манбаи ҳисобланади. Сўровда қатнашганларнинг 69,9 фоизи сайлов кампаниясини доимо, 28 фоизи эса имкон борича кузатиб бормоқда. Сўровнинг биринчи босқичида бу кўрсаткичлар тегишинча 68,1 ва 22,3 фоизни ташкил қилган эди. Сўровда иштирок этганларнинг салмоқли қисми телевидениени сайлов кампанияси ҳақида тезкор, батафсил ва қулай вақтда ахборот бериш манбаи сифатида эътироф қилган.

Тадқиқотда президентликка номзодларнинг шахсий фазилатлари бўйича жамоатчилик фикри билан ҳам қизиқилди. Икки босқичдаги тадқиқот шуни кўрсатдики, Ўзбекистон президентлигига номзодлар қандай шахсий фазилатларга эга бўлиши керак, деган саволга сўровда иштирок этган фуқаролар юксак заковат, мустаҳкам ирода, ҳалоллик ва тартиблиликни ўзида жо этган бўлиши керак, деб жавоб беришган.

Номзодларнинг устувор фазилатлари сифатида давлат даражасида фикрлай олиши, сиёсий раҳбарлик тажрибаси, юксак малака, бошқарувнинг замонавий кўникмаларидан хабардорлиги, билимли, демократик тамойилларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлиги, аҳолининг турли ижтимоий қатламлари орзу-умидларини ҳамда манфаатларини ҳисобга олиш истаги ва интилиши, фаол фуқаролик нуқтаи назарига эга бўлиши кўрсатиб ўтилган.