Президентликка Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан номзод Наримон Умаров 22 ноябрь куни Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашди. Видеоконференция орқали мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда жами 3200 нафарга яқин киши иштирок этди, дея хабар қилди партия матбуот хизмати.

Наримон Умаров учрашув иштирокчиларига ўз Сайловолди дастурининг асосий йўналишларини маълум қилди. Хусусан, номзод «Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун» тамойилига амал қилган ҳолда, аҳолининг турмуш даражаси кўрсаткичларини янада яхшилашнинг муҳим шарти бўлган, кўп йиллик мустақил тараққиётимиз даврида ўзини оқлаган давлат ижтимоий дастурларини ишлаб чиқиб, ҳаётга самарали татбиқ этиш тажрибасини давом эттиришга доир таклифлари билан ўртоқлашди.

Президентликка номзод илм-фан, техника, тиббиёт соҳалари тез суръатларда тараққий этиб бораётган бир пайтда демографик муаммолар, экологик бўҳронлар оқибатида янги-янги касалликлар келиб чиқаётгани, бу эса аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматнинг сифатини мунтазам равишда яхшилаб боришни тақозо этаётганини таъкидлаб ўтди. Бу эса соҳадаги илмий-амалий изланишларнинг самарадорлигини ошириш, тиббиёт ходимларининг малакасини юксалтиришга қаратилган масалаларга эътиборни янада кучайтириш зарурлигини талаб қилади.

Номзод аҳоли кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш баробарида, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари доирасида болаларни тиббий хизматлар билан таъминлаш тизимини кучайтириш, қолаверса, мазкур соҳада дори воситаларининг ноқонуний айланиши ҳамда сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш тарафдори эканини баён қилди.

Номзод аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган тиббиёт муолажаларига, хусусан, дунёнинг ривожланган мамлакатларида кенг қўлланиб келинаётган энг илғор тиббий хизмат турларини мамлакатда ҳам жорий қилиш таклифини илгари сурди.