Самарқанд вилоятининг Ургут тумани, Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳри ва Хоразм вилоятининг Хозарасп туманида «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Хозарасп» эркин иқтисодий зоналари (ЭИЗ) ташкил этилади. Давлат раҳбарининг Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайёрланган шу ҳақдаги қарори лойиҳаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига муҳокама учун жойлаштирилди.

Янги ташкил этиладиган ЭИЗлар минерал-хомашё ресурслари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш бўйича замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, тўрт вилоятнинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланиш бўйича қулай шароитларни яратишга қаратилган.

Кўрсатиб ўтилган зоналарни шакллантириш муддати келгусида узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил этиб, мазкур муддат давомида бу ерда алоҳида солиқ ва божхона имтиёзлари амалда бўлади. ЭИЗ ҳудудларида логистика марказлари ҳамда божхона постлари ташкил этилади.

Мева-сабзавот ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, текстиль, гиламчилик, оёқ кийими ва чарм, экологик хавфсиз кимёвий, фармацевтик, озиқ-овқат, электроника саноати, машинасозлик ва автомобильсозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишлар бўйича янги ишлаб чиқаришни ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистонда учта эркин иқтисодий зона — «Навоий», «Жиззах» ва «Ангрен» фаолият кўрсатмоқда.