Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан президентлигикка номзод Наримон Умаров 21 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашди. Шуманай туман ҳокимияти мажлислар залида онлайн конференция тарзида бўлиб ўтган учрашувда 3200 нафарга яқин сайловчи иштирок этди, хабар қилди партия матбуот хизмати.

Нариман Умаров учрашув иштирокчиларини ўз сайловолди дастури билан таништирар экан, демократик ижтимоий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш, инновацион иқтисодиётга ўтиш, кучли ижтимоий сиёсат олиб бориш, хусусан, аҳолини сифатли тиббий хизмат, таълим ва уй-жой билан таъминлаш даражасини янада кенгайтириш, тинчликсевар ташқи сиёсатни давом эттиришга доир таклифларини баён қилди.

Президентликка номзод ўзининг қарийб 40 йиллик меҳнат фаолияти ҳамда илмий изланишлари тақозоси билан Орол денгизининг қуриши оқибатида ҳудудда юзага келган экологик ҳалокатни бартараф этишга қаратилган лойиҳа ва дастурларда бевосита иштирок этган, минтақанинг мураккаб иқлимини, одамларнинг яшаш шароитини яхши биладиган мутахассис сифатида экология масалаларига алоҳида эътибор қаратишини маълум қилди.

Номзод экологик муаммоларни ҳал этишда унинг иқтисодий жиҳатларига эътибор қаратиш муҳим эканига тўхталиб, барча экологик муаммоларни ва у билан боғлиқ фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилиш масалаларини фақат Давлат бюджетига юклаш тўғри бўлмаслигини, шу боис, атроф-муҳитни ифлослантирувчи жаримага тортилиши ва кўп миқдорда маблағ тўлаши лозим деган тамойилни жорий қилиш тарафдори эканини таъкидлади.

Наримон Умаров экология масалалари ижтимоий-иқтисодий сиёсатимизнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб, бу соҳани комплекс ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга татбиқ этишни режалаштирганини маълум қилди. Дастурда, хусусан, табиатнинг саноат корхоналари томонидан ифлосланишини камайтириш, чанг ва заҳарли моддаларни кўп ютувчи ўсимлик ва дарахтлар сони ва турини кўпайтириш, шаҳарлар ва саноат корхоналари атрофида яшил майдонлар барпо этиш, саксовул ва бутазорларни кенгайтириш орқали атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга қаратилган аниқ механизмлар белгиланишини таъкидлади.