Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни Сирдарё вилояти сайловчилари билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Учрашувда номзод ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди. Унда давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш ва жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, маҳаллий бюджетлар даромадини кўпайтириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолини замонавий уй-жойлар билан таъминлаш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, тиббий ва маиший хизматлар сифатини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

«Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» концепциясини амалга оширишни давом эттириш, жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини ривожлантириш, маҳалла тузилмасининг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини янада ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоясини, одил судловнинг мустаҳкам кафолатини таъминлаш, коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларда қонунга ҳурмат, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига муросасизлик туйғусини кучайтириш каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.