Мавсум тугашига бир тур қолганида Тошкентнинг «Локомотив» жамоаси футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати олтин медалларини қўлга киритди.

28-тур якунланганидан сўнг «темирйўлчилар» 68, уларнинг энг яқин таъқибчиси «Бунёдкор» эса 62 очко жамғарди. Бироқ «Бунёдкор» Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси билан кечган сўнгги ўйинда дуранг ўйнаб (1:1) Олий лигада ғолиб чиқиш имконини қўлдан бой берди.

18 ноябрь куни бош мураббий Андрей Микляев бошчилигидаги жамоа «Металлург"ни йирик — 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Мазкур учрашувдан сўнг ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

«Локомотив» 2002 йилда ташкил этилган. Бугунги кунга қадар жамоа уч марта Ўзбекистон вице-чемпиони бўлиб, бир мартадан Ўзбекистон Кубоги ва Суперкубоги соҳибига айланган.