Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон 17 ноябрь куни Ўзбекистонга ташриф буюрди, дея хабар қилди ЎзА. Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Адҳам Икромов кутиб олди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 18 ноябрга мўлжалланган. Туркия Президенти Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилади.

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон учрашуви чоғида Ўзбекистон — Туркия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинади, томонларни қизиқтирган долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилади.

Туркия раҳбари сайти маълумотларига кўра. Унга бош вазир ўринбосарлари Вейси Кайнак ва Турғул Туркеш, ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли, иқтисодиёт вазири Ниҳат Зейбекчи ҳамда энергетика ва табиий ресурслар вазири Берат Албайрак ҳамроҳлик қилмоқда.